Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Муқаддас Китоб — амалий маслаҳатлар манбаи

Муқаддас Китоб — амалий маслаҳатлар манбаи

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, сиз қадимий ҳайкаллар музейига экскурсияга бордингиз. Аксарият ҳайкалларнинг ўйилган, қуриган ва емирилган жойлари бор. Баъзиларининг эса катта бўлаклари узилиб тушган. Қарангки, ҳайкалларнинг биттаси бут-бутун экан. Унинг мураккаб тузилиши тафсилотларигача аниқ кўриниб турибди. Шунда сиз экскурсияни ўтказувчи кишидан: «Бу энг янги ҳайкал бўлса керак-а?» — деб сўрайсиз. У эса: «Йўқ. Бу энг қадимги ҳайкаллардан бири ва ҳеч қачон қайта таъмирланмаган»,— деб жавоб беради. Сиз: «Уни асраб-авайлаб келишганми?» — деб айтасиз. У киши: «Йўқ. Бу ҳайкал бўрону ёмғирларга дош берган. Кўпгина безорилар унга зарар етказишга уринган»,— дейди. Сиз ҳайратда қолиб: «У ўзи нимадан қилинган?» — деб сўрайсиз.

Қайсидир маънода Муқаддас Китоб мана шундай диққатга сазовор ҳайкалга ўхшайди. У энг қадимги китоблардан биридир. Албатта бошқа қадимги китоблар ҳам бор. Аммо бу қадимий қўлёзмалар вақт ўтиши билан қаттиқ зиён кўргани учун емирилиб кетган ҳайкалларга ўхшайди. Масалан, бу қўлёзмалардаги илм-фанга оид маълумотлар янгилари очилгани сайин исботланган фактларга зид бўлиб қолди. Улардаги тиббиётга оид маслаҳатлар кўп ҳолларда фойда эмас, зарар келтиради. Қадимий ёзувларнинг аксарияти тўлиқ сақлаб қолинмаган, чунки уларнинг парчалари йўқолиб кетган ёки катта талафот кўрган.

Муқаддас Китоб бошқа қадимий қўлёзмалардан кескин фарқ қилади. Бу китобнинг ёзилиши 35 аср олдин бошланганига қарамай, тўлиқ сақлаб қолинган. Асрлар давомида унга қарши тўхтовсиз ҳужумлар қилинган — уни ёндиришган, тақиқлаб қўйишган ва қадрини пасайтиришган. Лекин у мана шундай даҳшатли ҳужумларга дош бера олган. Илмий кашфиётлар қилингани сайин, Муқаддас Китоб нафақат эскирмагани, балки ҳозирги илм-фандан анча илгарилаб кетгани маълум бўлди. («Эскирганми ёки илгарилаб кетганми?» номли рамкага қаранг.)

БИЗ МУҲТОЖ БЎЛГАН ҚАДРИЯТЛАР

Сиз шундай деб сўрарсиз: «Наҳотки Муқаддас Китоб таълимотлари бугунги кунда ҳам амалий бўлса?» Бу саволга жавоб бериш учун ўзингиздан: «Айни пайтда одамлар қандай жиддий муаммоларга дуч келяпти? Улардан қай бири кўпроқ қўрқувга солади?» — деб сўранг. Эҳтимол, хаёлингизга урушлар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, жиноятчилик ёки порахўрлик келар. Келинг энди, Муқаддас Китобдаги баъзи асосий таълимотларни муҳокама қилайлик. Уларни кўриб чиқаётиб ўзингиздан: «Агар одамлар бу қадриятлар бўйича яшаганида, дунё яхши томонга ўзгарармиди?» — деб сўранг.

ТИНЧЛИКСЕВАРЛИК

«Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар “Тангрининг ўғиллари” дейилади». (Матто 5:9) «Иложи бўлса, қўлингиздан келганича барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар». (Римликларга 12:18)

РАҲМДИЛ ВА КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ

«Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, сабаби уларга раҳм-шафқат кўрсатилади». (Матто 5:7) «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. Яҳова * сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар». (Колосаликларга 3:13)

МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК

«Бутун ер юзида яшасинлар деб, Худо барча миллатларни бир одамдан вужудга келтирди». (Ҳаворийлар 17:26) «Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳаворийлар 10:34, 35)

ЕРНИ АСРАШ

«Худованд Яҳова, Адан боғига ишлов берсин ва уни парвариш қилсин дея, одамни у ерга жойлаштирди». (Ибтидо 2:15) Худо «ерни хароб этувчиларни хароб қилади». (Ваҳий 11:18)

ОЧКЎЗЛИК ВА ЗИНОДАН НАФРАТЛАНИШ

«Ўзингизни ҳар турли очкўзликдан сақланглар, чунки одамнинг мол-мулки кўп бўлган тақдирда ҳам, унинг ҳаёти бунга боғлиқ эмас». (Луқо 12:15) «Зино, ҳар қандай ифлослик ва очкўзлик орангизда ҳатто тилга олинмасин, зеро бу муқаддас кишиларга муносиб эмас». (Эфесликларга 5:3)

ҲАЛОЛЛИК ВА МЕҲНАТКАШЛИК

«Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18) «Ўғрилик қилган бошқа ўғрилик қилмасин. Ундан кўра... астойдил ишласин». (Эфесликларга 4:28)

МУҲТОЖЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ

«Руҳи тушганларга тасалли беринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳамма одамларга сабр-тоқатли бўлинглар». (1 Салоникаликларга 5:14) «Қайғу чекаётган етим-есирларга ғамхўрлик қилинг». (Ёқуб 1:27)

Муқаддас Китобда бу қадриятлар шунчаки санаб ўтилмаган, балки бу принципларни қадрлаш ҳамда кундалик ҳаётда қандай қўллаш ўргатилган. Бу таълимотларга қанча кўп одамлар амал қилса, инсониятнинг муаммолари шунча камаяди. Ҳақиқатдан ҳам, Муқаддас Китобдаги принциплар ҳар қачонгидан ҳам амалий ва фойдали! Шахсан сизга Муқаддас Китоб таълимотлари қандай ёрдам бера олади?

МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?

Бир донишманд: «Одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади»,— деб айтганди. (Матто 11:19) Сиз бу фикрга қўшиласизми? Маслаҳатни қўллаб, унинг фойдасини кўргандан кейингина буни доно маслаҳат деб айтса бўлади. Сиз шундай деб ўйлашингиз мумкин: «Агар Муқаддас Китоб чиндан ҳам амалий бўлса, ҳаётимда ҳам унинг самараси кўриниши керак эмасми? Мен дуч келаётган муаммони ҳал қилишга Муқаддас Китоб қандай ёрдам бера олади?» Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик.

Софиянинг * ҳаёти қизиқарли ва мазмунли эди. Аммо ногаҳон унинг бошига бирин-кетин бахтсизликлар тушди. Унинг ўсмир қизи вафот этди, никоҳи эса барбод бўлди. Боз устига моддий қийинчиликларга дуч келди. Бошдан ўтказганларини эслаб, у шундай деди: «Энди мен кимман? Ахир на қизим, на эрим, на бошпанам бор. Яшашдан ҳеч қандай маъно йўқдай эди».

Ўшанда София қуйидаги сўзлар ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўлди: «Умримиз етмиш йил, агар бардамроқ бўлсак саксон йил экан. Аммо улар ҳам ғам-ташвишга тўладир. Кунларимиз тезда ўтади ва биз йўқ бўлиб кетамиз». (Забур 90:10)

София энг қийин дамда Муқаддас Китобга мурожаат қилди. Бу китоб туфайли унинг ҳаёти ажойиб тарзда ўзгарди. Кейинги учта мақолада бошқа одамларнинг ҳам мисолларини кўриб чиқамиз. Улар Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни қўллаб, муаммоларини ҳал қила олган. Улар Муқаддас Китоб юқорида айтиб ўтилган ҳайкалга ўхшайди, деган фикрга қўшилишади. Бу китоб вақт ўтиб замондан ортда қолган ва эскирган кўплаб китоблардан кескин фарқ қилади. Бунинг сабаби нимада? Бу китоб ўзгача бир «хомашёдан» қилинганидами? Ҳақиқатдан ҳам унда оддий инсонларнинг эмас, Худонинг фикрлари ёзилганми? (1 Салоникаликларга 2:13)

Балки сиз ҳам ҳаёт қисқа ва муаммоларга тўла эканини тан оларсиз. Қийинчиликлар гирдобида қолганда, қаердан тасалли, ёрдам ва ишончли маслаҳат излайсиз?

Келинг, Муқаддас Китоб шахсан сизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик. Қай йўсин у:

  1. асрайди;

  2. халос қилади;

  3. куч беради.

Кейинги мақолаларда Муқаддас Китоб маслаҳатлари ҳаётда қандай ёрдам бериши ҳақида сўз юритилади.

^ абз. 10 Муқаддас Китобга биноан, Худонинг исми Яҳова. (Забур 83:18)

^ абз. 24 Бу ва кейинги учта мақолада баъзи исмлар ўзгартирилган.