Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худо ва Исо Масиҳ тўғрисида ҳақиқат

Худо ва Исо Масиҳ тўғрисида ҳақиқат

Одамлар кўплаб худоларга сиғинишса-да, фақатгина битта ҳақ Худо бор. (Юҳанно 17:3) У «Худойи Таоло», бутун борлиқнинг Яратувчиси ва ҳаёт Манбаидир. Танҳо У топинишимизга лойиқ. (Дониёр 7:18; Ваҳий 4:11)

Худо аслида қанақа?

ЧАМАСИ 7 000 МАРТА Худонинг исми асл матнда учрайди

ЯҲОВА Худонинг исми

РАББ, ХУДО, ОТА Яҳованинг айрим унвонлари

Худонинг исми борми? Унинг Ўзи шундай деб айтган: «Мен Яҳоваман. Бу — Менинг исмим». (Ишаё 42:8) Худонинг шахсий исми Муқаддас Китобда тахминан 7 000 марта учрайди. Бироқ Муқаддас Китобнинг кўплаб таржимонлари ноўрин тарзда бу исмни «Рабб» каби унвонлар билан алмаштириб қўйишган. Аллоҳ сиз Унинг дўсти бўлишингизни истайди. Шу боис сизни «Унинг исмини айтиб чақиришга» ундаяпти. (Забур 105:1)

Яҳованинг унвонлари. Муқаддас Китобда Яҳованинг «Худо», «Қодир Тангри», «Яратувчи», «Ота», «Рабб» ва «Олий Ҳукмдор» каби унвонлари учрайди. Муқаддас Китобда инсонлар Яҳовага ибодат қилаётиб, ҳам Унинг унвонлари, ҳам шахсий исмини тилга олишгани ҳақида кўпгина мисоллар бор. (Дониёр 9:4)

Худонинг қиёфаси. Худо кўзга кўринмас руҳий Шахсдир. (Юҳанно 4:24) Муқаддас Китобда: «Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрмаган»,— деб таъкидланган. (Юҳанно 1:18) Муқаддас Китобда Унинг ҳис-туйғулари ҳақида ҳам ёзилган. Одамлар Уни хафа қилиши ёки қалбини қувонтириши мумкин. (Ҳикматлар 27:11; Забур 78:40, 41)

Худонинг ажойиб фазилатлари. Аллоҳ миллати ва келиб чиқиши турлича бўлган одамларга юзхотирчилик қилмайди. (Ҳаворийлар 10:34, 35) У «шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо». (Чиқиш 34:6, 7) Аммо Худонинг тўртта фазилати айниқса диққатимизга сазовор.

Куч. У «Қодир Тангри» бўлгани боис, берган барча ваъдаларини бажариш учун чексиз қудратга эга. (Ибтидо 17:1)

Донолик. Худонинг донолиги барча инсонларнинг донолигидан устун туради. Айнан шу маънода Муқаддас Китобда У ҳақида: «Доноликка эга бўлган ягона Аллоҳ»,— деб айтилган. (Римликларга 16:27)

Адолат. Худо доим тўғри йўл тутади. Унинг ишлари «мукаммал» ва У «асло ноҳақлик қилмайди». (Қонунлар 32:4)

Севги. Муқаддас Китобда: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— дейилган. (1 Юҳанно 4:8) У нафақат севгини намоён этади, балки севгининг тимсолидир. Унинг олий севгиси барча ишларига таъсир қилади ва бизга кўп жиҳатдан фойда келтиради.

Худонинг инсонлар билан дўстлиги. Худо бизни севадиган самовий Отамиздир. (Матто 6:9) Агар Унга ишонсак, Унинг дўсти бўла оламиз. (Забур 25:14) Ҳа, У сизни ибодатлар орқали Унга яқинлашишга ва «барча ғам-ташвишларингизни Унга ташлашга» таклиф қиляпти, чунки У сизга ғамхўрлик қилади. (1 Бутрус 5:7; Ёқуб 4:8)

Худо билан Исо Масиҳ ўртасида қандай фарқ бор?

Исо Худо эмас. Исони Худо яратган. У Худога тенг деган фикрни ақлга сиғдириб бўлмайди. Бироқ Исо ўзгача, чунки у Худонинг Ўзи яратган ягона шахс. Шунинг учун Муқаддас Китобда Исо «Худонинг Ўғли» деб аталган. (Юҳанно 20:31) a Исони яратгач, Яҳова бутун борлиқни ва тирик мавжудотни яратишда ундан «моҳир ишчи» сифатида фойдаланган. (Ҳикматлар 8:30, 31; Колосаликларга 1:15, 16)

Исо Масиҳ ҳеч қачон Худо бўлишга даъво қилмаган. Аксинча, унинг ўзи «Худонинг вакили сифатида келганини» айтган. (Юҳанно 16:27) Шогирдларидан бири билан суҳбатлашаётиб, у Яҳовани «ўз Отам ва сизларнинг Отангиз, менинг Тангрим ва сизларнинг Тангрингиз» деб атаган. (Юҳанно 20:17) Исо ўлгач, Яҳова уни самовий ҳаётга тирилтирган ва Ўзининг ўнг томонига ўтқазиб, унга улкан ҳокимият берган. (Матто 28:18; Ҳаворийлар 2:32, 33)

Исо Масиҳ Худога яқинлашишингизга ёрдам беради

Исо бизга Отаси ҳақида таълим бериш учун ер юзига келган. Яҳованинг Ўзи Исо ҳақида: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир. Унга қулоқ солинглар»,— деб айтган. (Марк 9:7) Исо Худони ҳаммадан ҳам яхшироқ билади. У қуйидагиларни айтган: «Отани Ўғилдан ва Ўғил кимга очиб беришни хоҳласа, ўша кишидан бўлак ҳеч ким билмайди». (Луқо 10:22)

Исо Худонинг фазилатларини мукаммал тарзда акс эттирган. Исо Отасининг фазилатларига шунчалик аниқ тақлид қилганки: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айта олган. (Юҳанно 14:9) Исо сўзларию ишларида Отасининг севгисини акс эттириб, одамларни Унга жалб қилган. У қуйидагича деган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди». (Юҳанно 14:6) Исо яна шуларни ҳам айтган: «Ҳақиқий топинувчилар Отага руҳ ва ҳақиқат билан топинишади ва бундай пайт келди ҳам. Айнан шундай топинувчиларни Ота Ўзига излайди». (Юҳанно 4:23) Бир тасаввур қилинг, Яҳова У ҳақида ҳақиқатни билишни истайдиган сиз каби инсонларни излаяпти!

a Кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтига кириб, МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ > МУҚАДДАС КИТОБГА АСОСЛАНГАН ЖАВОБЛАР сарлавҳаси остидаги «Нега Исо Худонинг Ўғли деб аталади?» номли мақолага қаранг.