Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Руҳий саломатликнинг глобал инқирози

Руҳий саломатликнинг глобал инқирози

«Ҳатто хонамда бир ўзим шунчаки ўтирсам ҳам, хавотир мени ҳеч тарк этмайди».

«Ўзимни жудаям яхши ҳис қилганимда кўнглим ғаш бўлади. Чунки тажрибамдан биламанки, хурсандчилик туйғуси тезда қайғуга айланади».

«Одатда бир куннинг ташвиши билан яшашга ҳаракат қиламан, лекин баъзан мени бир неча куннинг ташвиши бирдан босади».

Бу фикрларни руҳий саломатлиги билан муаммоси бор одамлар билдирди. Сиз ёки қарамоғингиздаги бирон киши қачондир ўзини шундай ҳис қилганми?

Агар шундай бўлса, амин бўлингки, сиз ёлғиз эмассиз. Бугунги кунда кўпчилик хоҳ ўзлари, хоҳ яқинлари бундай муаммога дуч келяпти.

Шубҳасизки, ҳозир «ниҳоятда оғир вақтларда» яшаяпмиз ва бу турли қайғуларга сабаб бўляпти. (2 Тимўтийга 3:1) Бир тадқиқотнинг натижаларига кўра, дунё бўйлаб тахминан ҳар саккиз кишидан биттаси руҳий саломатликнинг бузилишидан азият чекяпти. 2020 йили COVID-19 пандемияси туфайли хавотирланишдан азоб чекаётганлар сони тахминан 26 фоизга, депрессиянинг жиддий турига чалинганлар сони эса тахминан 28 фоизга ошди.

Тўғри, хавотирланиш ва депрессиядан қанча одам азият чекаётганини билиш яхши. Лекин сиз ва яқинларингиз ўзингизни имкон қадар яхшироқ ҳис қилишингизга нималар ёрдам беришини билиш бундан-да муҳимроқ.

Руҳий саломатлик бу нима?

Руҳан соғлом инсон кўпинча ўзини яхши ҳис қилади ва самарали фаолият юритади. У одатда учрайдиган стресс ҳолатига дош беради, унумли меҳнат қила олади ва ҳаётдан мамнун бўлиб яшайди.

Руҳий бузилиш...

  • заиф инсон эканингизни англатмайди.

  • инсонни кучли изтиробга соладиган, унинг фикрлаш тарзига, ҳис-туйғуларини назорат қилишига ва хулқ-атворига салбий таъсир қиладиган тиббий ҳолат.

  • кўпинча одамнинг бошқалар билан муносабат қуришини ва кундалик эҳтиёжларини қондиришини қийинлаштиради.

  • турли одамларда ёши, маданияти, ирқи, қабиласи, дини, маълумоти ёки даромадидан қатъи назар, юзага келиши мумкин.

Руҳий саломатлик муаммолари пайдо бўлганида ёрдам изланг

Сиз ёки яқинингиз шахсиятингизда сезиларли ўзгаришларни кузатсангиз, уйқунгиз ёки овқатланиш одатингиз бузилса, хавотирланаётган, тушкунликка тушаётган, ё бўлмаса, анчадан бери қайғу чекаётган бўлсангиз, бунинг сабаби нимада эканини билиш ва даво чораларини кўриш учун сизга мутахассис ёрдами керакдир.

Ер юзида яшаган энг доно инсон Исо Масиҳ шундай деган: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». (Матто 9:12) Соғлиқ муаммолари билан курашаётиб, керакли тиббий муолажа ва дори-дармонларни қабул қилаётган одамлар симптомларини камайтириш учун анча нарса қилишлари мумкин. Шу йўсин улар фаол ва бахтли ҳаёт кечира олишади. Агар симптомлар жиддий ёки узоқ давом этаётган бўлса, даволанишни ортга сурмаслик оқилонадир. a

Муқаддас Китоб тиббий қўлланма бўлмаса-да, унда ёзилганлар руҳий саломатлигимиз учун фойдали бўлиши мумкин. Кейинги мақолаларда Муқаддас Китоб руҳий саломатлик муаммолари билан курашишимизга қандай ёрдам бериши мумкинлиги муҳокама қилинади. Сизни ҳам бу мақолаларни кўриб чиқишга чин дилдан таклиф қиламиз.

a «Қўриқчи минораси» журнали муайян даволаниш усулини олға сурмайди. Шахсий қарор чиқаришдан олдин ҳар бир инсон қайси даволаниш усули унга мос келиши ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриши керак.