Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Исроил халқига берилган Худонинг Қонуни адолатли бўлганми?

Исроил халқига берилган Худонинг Қонуни адолатли бўлганми?

БИР қанча вақт олдин ғарбий мамлакатларнинг бирида жиноий ишлар бўйича судлар қотилликда айбланган икки кишини ўлим жазосига ҳукм этишди. Кейинчалик маълум бўлганидек, бу айбланувчиларга қарши сохта гувоҳлик берилган экан. Бундан хабар топган адвокатлар, ўша кишиларнинг бирини озодликка чиқариш учун қўлларидан келганини қилишди. Бироқ ҳукм этилганларнинг иккинчисига ҳатто энг яхши ҳуқуқшунослар хам ёрдам бера олишмади, сабаби, ўша пайтга келиб ҳукм ижро этилиб бўлганди.

Ҳеч бир ҳуқуқий тузум бундай хатолардан ҳимояланмаганлиги боис, Муқаддас Китоб: «Адолатга, фақат адолатга эргашинг»,— деб чорламоқда (Қонунлар 16:20). Ҳакамлар ушбу меъёрга амал қилишганда, бу ҳамма фуқаролар учун ҳимоя бўлган. Қадимги Исроил халқи Худонинг Ўзидан Қонун олган. Шу сабабли, ушбу халқнинг ҳуқуқий тизими юзхотирчиликдан ҳоли бўлиб, одилликка асосланган эди. Келинг, Аллоҳнинг «ҳамма йўллари адолатли» эканида амин бўлиш учун бу Қонун билан яқинроқ танишиб чиқайлик (Қонунлар 32:4).

«ДОНО, АҚЛ-ИДРОКЛИ ВА ОБРЎЛИ» ҲАКАМЛАР

Ҳакамлар билимдон, адолатли ва виждонли бўлган ҳолдагина, фуқароларнинг манфаатлари ҳимояланган бўлади. Аллоҳнинг қонунига биноан, Исроилдаги ҳакамлар хам айнан шундай бўлишлари керак эди. Исроилликлар саҳрода кезиб юрган пайтнинг бошида, Мусо пайғамбарга «Худодан қўрққан, диёнатли, тамадан нафратланадиган, лаёқатли одамларни» ҳакам қилиб тайинлаш топшириғи берилган эди (Чиқиш 18:21, 22). Қирқ йил ўтгандан кейин ҳам, «доно, ақл-идрокли ва обрўли» ҳакамларга эҳтиёж борлиги яна таъкидланган эди (Қонунлар 1:13–17).

Асрлар ўтиб, Яҳудо шоҳи Ёҳушафат * ҳакамларга шундай кўрсатма берган: «Ҳукм қилишда эҳтиёт бўлинглар, чунки сизлар инсон номидан эмас, балки Эгамиз номидан ҳукм қиласиз. Ҳукм қилаётганингизда У сизлар билан бирга бўлади. Эгамиздан қўрқинг. Ҳукм чиқарганингизда эҳтиёт бўлинг, чунки Эгамиз Худо ноҳақликка, тарафкашлигу порага тоқат қилмайди» (2 Солномалар 19:6, 7). Шу йўсин шоҳ ҳакамларга, агар уларнинг қарорларига юзхотирчилик ёки тамагирлик таъсир қилса, Аллоҳ уларни бу учун жавобгарликка тортишини эслатмоқчи бўлган.

Исроиллик ҳакамлар ушбу юқори меъёрларга амал қилишганларида, халқ ўзини ҳимояланган ва хавфсиз ҳис қилган. Шунингдек, Худонинг Қонунида ҳатто энг қийин вазиятларда ҳакамларга адолатли ҳукм чиқаришга ёрдам берадиган бир қатор принциплар ҳам бор. Хўш, бу қандай принциплар экан?

АДОЛАТЛИ ҲУКМ ЧИҚАРИШ УЧУН ПРИНЦИПЛАР

Танланган ҳакамлардан доно ва лаёқатли бўлиш талаб қилинган бўлса ҳам, улар ўзларининг қобилиятларига ёки тажрибаларига таянмасликлари керак эди. Тангри Яҳова тўғри қарор қабул қилишга ёрдам берадиган принципларни ва йўл-йўриқларни берган. Келинг, Исроилдаги ҳакамларга берилган йўл-йўриқларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик.

Ишни батафсил кўриб чиқинг. Аллоҳ Мусо пайғамбар орқали Исроилдаги ҳакамларга шундай деб буюрган: «Биродарларингиз орасидаги муаммоларга яхшилаб қулоқ солинг. Ҳукмингиз тўғри бўлсин» (Қонунлар 1:16). Ҳакамлар кўриб чиқилаётган масала бўйича барча тафсилотларга эга бўлган ҳолдагина, адолатли ҳукм чиқара олишарди. Шу сабабли, ҳукм чиқараётганлар учун Худо қуйидаги кўрсатмани берган: «Сўраб суриштиринглар, яхшилаб текширинглар». Ҳакамлар, судда бирор бир ишни кўриб чиқишдан олдин, айблов «ҳақиқатан ҳам» асосли эканига амин бўлишлари керак эди (Қонунлар 13:14; 17:4).

Гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитинг. Гувоҳларнинг кўрсатмалари тергов учун жуда муҳим бўлган. Бу борада Тавротда шундай айтиб ўтилган эди: «Бировни гуноҳ ёки жиноят қилишда айблаш учун битта гувоҳ етарли эмас. Иш иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади» (Қонунлар 19:15). Шунингдек, Худонинг Қонунида гувоҳларга шундай талаб қўйилган: «Ёлғон хабарлар тарқатманглар. Ёлғон гувоҳлик бериш орқали фосиқ одамларга қўшилманглар» (Чиқиш 23:1).

Суд жараёнида ростгўйликни талаб қилинг. Судда айтилган ёлғон учун жазо борлиги, суд жараёнида қатнашаётган барчага огоҳлантириш бўлган. Тавротда шундай ёзилган: «Ҳакамлар ишни яхшилаб кўриб чиқишсин. Агар гувоҳ биродарига қарши ёлғон гувоҳлик бераётган бўлса, биродарига қарши ўйлаган ниятини ўзига қайтаринглар. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар» (Қонунлар 19:18, 19). Шунинг учун, агар одам бировнинг мулкини ўзлаштириш мақсадида судда ёлғон гапирган бўлса, у ўша мулк миқдорида зарарни қоплаши керак эди. Агар у айбсиз инсонга ўлим тилаб, унга қарши ёлғон гувоҳлик берган бўлса, уни ўзини ҳаётдан маҳрум этишарди. Бу, рост гапириш учун кучли туртки бўлган.

Юзхотирчилик қилмай қарор чиқаринг. Ҳакамлар бор далилларни кўриб чиққандан кейин, бир қарорга келиш учун маслаҳатлашишарди. Бу пайтда улар Тавротдаги қуйидаги маслаҳатни эсда тутишлари ўта муҳим эди: «Фақирнинг ёнини босманг, обрўли одамнинг ҳам кўнглига қараб иш тутманг. Қўшнингизни адолат билан ҳукм қилинг» (Левилар 19:15). Сабаби ҳакамлар, ҳар бир масала бўйича ҳукм чиқараётган пайтда юзхотирчилик қилмасликлари, яъни одамнинг ташқи кўринишига ёки обрўсига қараб иш тутмасликлари лозим эди.

Аллоҳнинг Каломида кўп асрлар олдин баён этилган ушбу принциплар замонавий судларнинг фаолиятида ҳам қўлланилиши мумкин. Уларга амал қилиб, кўп қонунбузарлик ва суд жараёнидаги хатоларнинг олдини олиш мумкин.

Худонинг Қонунидаги принципларга риоя қилганда, суд жараёнидаги хатоларнинг олдини олиш мумкин

АДОЛАТЛИ СУД ТИЗИМИГА ЭГА БЎЛГАН ХАЛҚ

Мусо пайғамбар Исроил халқига шундай деган: «Бугун мен сизларга фармонлар ва қонун-қоидалар беряпман. Қайси буюк халқнинг шундай адолатли қонун-қоидалари бор?!» (Қонунлар 4:8). Ҳақиқатдан ҳам, бошқа ҳеч қайси халқнинг бундай имтиёзлари йўқ эди. Тангри Яҳованинг қонунларига бўйсунишга ҳаракат қилган шоҳ Сулаймоннинг ҳукмронлиги остида халқ «тинчгина умр кечирарди» ва тинчлик ҳамда фаровонликдан завқланиб, «улар еб-ичиб, хурсандчилик билан яшашарди» (3 Шоҳлар 4:20, 25).

Минг афсуски, вақт ўтиб Исроил халқи Худодан юз ўгирган. Еремиё пайғамбар улар ҳақида шундай деб айтган: «Эгамизнинг сўзини рад этганларни доно, деб бўладими?!» (Еремиё 8:9). Натижада, Қуддус «жирканч одатларга»тўлиб тошган «қотиллар шаҳрига» айланган. Охири, бу шаҳар вайрон қилиниб, 70 йил давомида харобазор бўлган (Ҳизқиё 22:2; Еремиё 25:11).

Ишаё пайғамбар Исроил халқининг тарихидаги оғир даврида яшаган. Ўша пайтда бошдан кечирган нарсалари уни Тангри Яҳова ва Унинг Қонуни ҳақида шундай муҳим бир ҳақиқатни айтишга ундаган: «Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда, олам аҳли солиҳликни билади» (Ишаё 26:9).

Ишаё пайғамбар Ҳазрати Исонинг ҳукмронлиги ҳақида қуйидаги башоратни ёзишдан хурсанд бўлган: «Ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила, ажрим қилмас эшитганлари ила. У солиҳлик ила бечорани ҳукм қилади, тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади» (Ишаё 11:3, 4). Ҳа, Худонинг Шоҳлиги остидаги Ҳазрати Исонинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлайдиган барчани қандай ажойиб келажак кутмоқда! (Матто 6:10).

^ абз. 6 Ёҳушафат номининг маъноси «Яҳова — Ҳакамдир».