Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ХАЙР-ЭҲСОНЛАР ҚАЙ ЙЎСИН САРФЛАНАДИ?

Барча учун энг муҳим бўлган китобни ишлаб чиқариш

Барча учун энг муҳим бўлган китобни ишлаб чиқариш

2021 ЙИЛ 1 ЯНВАРЬ

 «Буни 19 йилдан бери кутаётгандим!» Қизиқ, биродаримиз нимани кутаётган эди? «Янги дунё таржимаси — Юнонча ёзувлар»ни она тилида, яъни бенгали тилида чиқишини кутаётган эди. Кўплар «Янги дунё таржимаси»ни она тилида олганида, шунга ўхшаш фикрларни билдиради. Хўш, Муқаддас Китобни таржима қилиш ва ишлаб чиқариш нимани ўз ичига олиши билан қизиқиб кўрганмисиз?

 Авваламбор, Етакчи кенгашнинг Муҳарририят қўмитаси йўл-йўриғи остида таржима гуруҳи тайинланади. Қизиқ, Муқаддас Китобни таржима қилишга қанча вақт кетади? Уорвикда (Нью-Йорк) таржима гуруҳларига ёрдам бериш бўлимида хизмат қилаётган Николас Аладис шундай деб тушунтирди: «Таржима қилиш жараёни турли омиллар билан боғлиқ. Масалан, бу лойиҳада нечта таржимон қатнашиши, ўша тил қанчалик мураккаблиги, ўқувчилар Муқаддас Китоб ёзилган даврдаги ҳаётни қанчалик яхши тушуниши ва ўша тил ҳар хил ҳудудларда қанчалик фарқ қилишини инобатга олинади. Ўртача ҳисоблаганда, Юнонча ёзувларни бир ёки уч, бутун Муқаддас Китобни эса, умуман олганда, тўрт ёки ундан ҳам кўпроқ йил мобайнида таржима қилиш мумкин. Имо-ишора тилларига таржима қилиш учун кўпроқ вақт кетади».

 Муқаддас Китобни ўгириш таржима гуруҳини яратиш билан чегараланиб қолмайди. Келиб чиқиши турлича ва гоҳида ҳар хил мамлакатлардан бўлган ўқувчилар таржима билан танишиб чиқади ва буни бепул қилади. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ёрдамида таржимонлар Муқаддас Китобни аниқ, тушунарли ва маъноли қилиб ўгира олади. Дарвоқе, Муқаддас Китобни таржима қилувчиларга таълим берадиган Жанубий Африкадаги биродар қуйидагича деди: «Таржимонлар Яҳова ҳамда Унинг Каломини ўқийдиганлар олдида улкан масъулиятни ҳис қилади».

 Таржима тугагач, Муқаддас Китобларни чоп этиб, муқовалаш керак бўлади. Бунинг учун камида ўнта нарса керак. Масалан, қоғоз, сиёҳ, муқова учун газлама, елим, астар, кумуш рангли кукун, хатчўп, тасма, муқовалаш учун ип ва юпқа варақлар. 2019 йили фақатгина бу нарсалар учун 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пул сарфланди. Ўша йили Муқаддас Китобни чиқариб, бошқа мамлакатларга юбориш учун унинг устида меҳнат қилганлар 300 000 дан кўпроқ соат сарфлашди.

 Нега булар учун шунча кўп вақт ва маблағ сарфлаймиз? Халқаро чоп этиш бўлимидаги биродаримиз Жоул Блу қуйидагича деди: «Муқаддас Китоб биз ишлаб чиқарадиган энг муҳим адабиётдир. Шунинг учун, унинг кўриниши биз хизмат қилаётган Худони шарафлашини ва эълон қилаётган хушхабарни янада гўзаллаштиришини хоҳлаймиз».

 «Янги дунё таржимаси»ни нафақат ҳаммабоп нашрда, балки ўзгача эҳтиёжлари бор ўқувчилар учун ҳам ишлаб чиқарамиз. Мисол учун, Брайль шрифтидаги «Янги дунё таржимаси» ўнта тилда мавжуд. Бу шрифтдаги нусханинг биттасини ишлаб чиқариш учун саккиз соат кетиши мумкин. Унинг ҳамма жилдларини жойлаштирмоқчи бўлсак, узунлиги тахминан 2,5 метр бўлган полка керак бўлади. Қолаверса, қамоқдаги маҳбуслар учун ҳам Муқаддас Китобнинг махсус нашрини тайёрлаймиз. Сабаби, у ерда фақат муқоваси қоғоз бўлган китоблар рухсат этилган.

 «Янги дунё таржимаси» уни ўқийдиган одамларнинг ҳаётига таъсир қилмоқда. Масалан, Томбедаги (Конго Демократик Республикаси) килуба тилида гаплашадиган жамоатга эътибор қаратайлик. Томбе пойтахтдан 1 700 дан ошиқ километр узоқликда жойлашган. У ердаги биргина имондошимизда Муқаддас Китоб бор бўлган, у ҳам эски килуба тилида эди. Биродарлар уни бир-бирига бериб, жамоатдаги топшириқларига тайёрланарди. Лекин 2018 йил августдан бери жамоатдаги барча замонавий килуба тилидаги «Янги дунё таржимаси»нинг тўлиқ нусхасидан фойдаланяпти.

 Немис тилида гапирадиган бир опамиз унинг тилида «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўриб чиқилган нашри ҳақида шундай деди: «Мен энди Муқаддас Китобни ўқишим керак, деб айтмайман. Аксинча, уни ўқишга қачон кўпроқ вақт ажрата оламан, дейман». Қамоқда ўтирган бир киши қуйидагича деди: «Менга “Янги дунё таржимаси”ни беришганди ва у ҳаётимни ўзгартиряпти. Уни ўқиётганимдан бери Худонинг Каломини жуда яхши тушуна оляпман. Мен Яҳованинг Шоҳидларини ҳамда қай йўсин улардан бири бўлишим мумкинлиги борасида кўпроқ билишни истайман».

 «Янги дунё таржимаси»нинг барча ўқувчилари унинг ишлаб чиқарилишига ҳисса қўшаётган хайр-эҳсонлар учун миннатдор. Умумжаҳон фаолиятимиз учун хайр-эҳсонлар donate.mt711.com сайтидаги усуллар ёрдамида қилиняпти. Сахийлигингиз учун миннатдормиз.

«Муқаддас Китоб биз ишлаб чиқарадиган энг муҳим адабиётдир»