Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳудийлар Бобилга сургун қилингани ҳақидаги Муқаддас Китоб баёноти аниқми?

Яҳудийлар Бобилга сургун қилингани ҳақидаги Муқаддас Китоб баёноти аниқми?

 Тахминан 2 600 йил аввал яҳудийлар мажбуран Бобилга олиб кетилган. У ерда улар деярли 70 йил давомида сургунда яшашган. Муқаддас Китобда Худо Бобилга сургун қилинган яҳудийларнинг ҳаёти қандай бўлиши ҳақида башорат қилиб, шундай деган: «Уйлар қуриб, уларда яшанглар. Боғлар яратиб, меваларини енглар. Уйланиб, ўғил-қизлар кўринглар... Мен сизларни сургун қилган шаҳарда тинчлик бўлишига ҳаракат қилинглар». (Еремиё 29:1, 4–7) Қизиқ, яҳудийлар чиндан ҳам шундай умр кечиришганми?

 Тадқиқотчилар, афтидан, қадимги Бобил ёки унинг атрофидан топилган 100 дан ошиқ лой лавҳаларни ўрганиб чиқишди. Ушбу лавҳалардан аниқланганидек, сургунда яшаган кўпгина яҳудийлар Бобил бошқарувига итоаткорона бўйсунган бўлишса ҳам, ўзларининг маданий ва диний қадриятларини сақлаб қолишган. Милоддан аввалги 572–477 йилларга оид лавҳаларда ижара шартномалари, савдо-сотиқ битимлари, қарз тилхатлари ва бошқа молиявий ҳужжатлар битилган. Бир манбада айтилишича, «мазкур ҳужжатлар қишлоқ шароитларида яшаган оддий одамларнинг ҳаётини тасаввур қилишга имкон беради: улар ерга ишлов беришган, уйлар қуришган, солиқлар тўлашган ва шоҳнинг хизматини қилишган».

Яҳудийларнинг шаҳридан топилган миххат ёзувидаги лавҳа

 Қолаверса, ушбу муҳим ҳужжатлар тўплами Ал-Яҳуду (ёки яҳудийларнинг шаҳри) деган жойда яҳудийларнинг катта бир жамоаси мавжуд бўлганини тасдиқламоқда. Лавҳаларда бир яҳудий оилага мансуб тўртта авлоднинг исмлари қайд этилиб, улардан айримлари ибронийча ҳарфлар билан ёзилган. Лавҳалар топилишидан олдин илоҳиётшунослар Бобилга сургун қилинган яҳудийларнинг ҳаёти тўғрисида жуда кам маълумотга эга бўлишган. Исроил тарихий обидалар идорасининг директорлар кенгаши аъзоси, фалсафа доктори Филипп Вукосавович шундай деган: «Ушбу лавҳалар туфайли сургунда яшаган яҳудийларнинг ҳаёти, исмлари, қаерда ва қачон яшашгани ҳамда нима билан машғул бўлишгани тўғрисида кўпроқ билиб олдик».

Сургундаги яҳудийлар Бобилда нисбий эркинликка эга бўлишган

 Сургундаги яҳудийлар қул ёки маҳбусдай яшамай, қаерда истиқомат қилиш ва нима билан шуғулланишни танлашда нисбий эркинликка эга бўлишган. Вукосавовичнинг сўзларига кўра, улар «нафақат Ал-Яҳудуда, балки ўнлаб бошқа шаҳарларда ҳам яшашган». Улардан баъзилари турли ҳунарларни ўрганишган, бу эса уларга кейинчалик Қуддусни тиклашда асқатган. (Нахимиё 3:8, 31, 32) Ал-Яҳуду лавҳалари сургунлик даври ўз ниҳоясига етганида ҳам кўп яҳудийлар Бобилда қолишга қарор қилишганини исботламоқда. Бу, Худонинг Каломида айтиб ўтилганидек, улар чиндан ҳам Бобилда деярли тинч-тотув умр кечиришганини кўрсатяпти.