Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ

Болангиз яхшироқ ўқишига қай йўсин ёрдам бера оласиз?

Болангиз яхшироқ ўқишига қай йўсин ёрдам бера оласиз?

Айтайлик, фарзандингиз мактабда ўқишни ва дарсларини қилишни истамаяпти. Натижада нима бўлади? Баҳолари бундан ҳам баттар бўлиб, хулқ-атвори ёмонлашиб боради. Хўш, болангиз яхшироқ ўқишига қай йўсин ёрдам бера оласиз?

 Нимани билишингиз керак?

Босим туфайли муаммо кўпаяди. Болангизга босим ўтказсангиз, у нафақат мактабда, балки уйда ҳам ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Оқибатда у алдаши, ёмон баҳоларини яшириши, кундалигида имзоингизни соҳталаштириши ёки дарслардан қочиши ҳеч гап эмас. Муаммо кўпаяди, холос.

Мукофот кутилган натижани бермаслиги мумкин. Андре исмли бир ота шундай деди: «Қизимизни яхшироқ ўқишга ундамоқчи бўлиб, яхши баҳолари учун мукофотлардик. Оқибатда у фақат мукофот ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди. У ёмон баҳо олганда, бунинг дастидан эмас, мукофотсиз қолиб кетганидан хафа бўларди».

Устозларни айблаш фойдасиз. Фарзандингиз ҳаракат қилмай ҳам яхши натижаларга эришаман деб ҳисоблаши мумкин. Қолаверса, у хатолари учун бошқаларни айблаб, муаммоларини ўзгалар ҳал қилиб беришини кутар. Бошқача қилиб айтганда, болангиз катта ҳаёт учун муҳим ҳисобланган қобилиятни йўқотади, яъни ҳаракатлари учун жавобгарликни бўйнига ололмайди.

 Нима қила оласиз?

Ҳис-туйғуларингизни бошқаринг. Аччиғингиз келиб турганда, болангиз билан ўқишини муҳокама қилманг. «Хотиним иккимиз шунга амин бўлдикки, болаларимиз билан тинчликни сақлаб, ҳамдардлик ила гаплашсак, самаралироқ экан»,— деб айтди Бретт исмли ота.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин». (Ёқуб 1:19)

Асл муаммони аниқланг. Боланинг мактабда ёмон ўқиши тенгдошларининг масхараси, бошқа мактабга ўтиш, имтиҳонлардан қўрқиш, оилавий муаммолар, уйқу етишмаслиги, тартибсизлик ёки хаёлини бир жойга жамлай олмаслиги каби сабаблар билан боғлиқ бўлиши мумкин. У дангаса деб хулоса қилманг.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Ақл билан ишга ёндашган муваффақият қозонади». (Ҳикматлар 16:20)

Ўқиш учун муҳит яратиб беринг. Болангиз уй юмушларини ва дарсларини қилиши учун жадвал тузинг. Унинг эътиборини ҳар хил нарсалар (телевизор ва мобил телефони ҳам) чалғиматслиги ва у дарсларини қила олиши учун қулай шароит яратиб беринг. Бола дарсларини бўлиб-бўлиб бажарса, диққатини жамлаши осонроқ бўлади. Германиядан бўлган Гектор исмли ота қуйидагича деди: «Назорат ишлари яқинлашиб қолганда, охирги дақиқагача кутмай, ҳар куни маълумотни оз-оздан такрорлаб турамиз».

Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор». (Воиз 3:1)

Ўқишга унданг. Фарзандингиз мактабдаги ўқиши ҳозирнинг ўзида унга фойда келтираётганини англаб етса, ўқишга бўлган қизиқиши янада ортади. Мисол учун, математикани яхши билса, унга берилаётган пулни тўғри сарфлай олади.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Донолигу заковатга эга бўл. [...] Доноликни қадрла». (Ҳикматлар 4:5, 8)

Маслаҳат. Болангизга дарсларини қилишга кўмаклашинг, лекин унинг ўрнига уларни қилманг. Андре шундай деб айтди: «Қизимиз дарсларини унинг ўрнига биз қилишимизни истаган, ўзи эса ақлини ишга солмас эди». Фарзандингизни дарсларини ўзи бажаришга ўргатинг.