Асосий материалларга ўтиш

Гуноҳ нима дегани?

Гуноҳ нима дегани?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Гуноҳ бу Худонинг меъёрларига зид бўлган иш ҳаракат, ҳис-туйғу ёки фикрдир. Унга, шунингдек, Худонинг назарида нотўғри ёки адолатсиз бўлган ишлар киради. (1 Юҳанно 3:4; 5:17) Қолаверса, Муқаддас Китобда инсон нима тўғри эканини била туриб қилмаса, гуноҳ қилган бўлади деб айтилган. (Ёқуб 4:17)

 Муқаддас Китоб ёзилган асл матндаги «гуноҳ» сўзи «нишонга ёки мўлжалга туша олмаслик» деганидир. Қадимги Исроилдаги баъзи аскарлар палахмон тошини отишда маҳоратли бўлишган ва улар «мўлжалга бехато урарди». Мазкур ибора сўзма-сўз таржима қилинганида «гуноҳ қилмасди» деган маънони англатади. (Ҳакамлар 20:16) Демак, гуноҳ қилиш Худонинг мукаммал меъёрларини бажараётиб, нишонга туша олмаслик деганидир.

 Худо инсонларни яратган экан, улар учун муайян меъёрлар ўрнатишга ҳақли. (Ваҳий 4:11) Ишларимиз учун Унинг олдида жавоб берамиз. (Римликларга 14:12)

Умуман гуноҳ қилмасликнинг иложи борми?

 Йўқ, Муқаддас Китобда ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган, деб ёзилган. (Римликларга 3:23; 3 Шоҳлар 8:46; Воиз 7:20; 1 Юҳанно 1:8) Қизиқ, бу қандай юз берган?

 Илк жуфтлик Одамато билан Момоҳаво дастлаб бегуноҳ эди. Чунки улар мукаммал ва Худога ўхшаш қилиб яратилган эди. (Ибтидо 1:27) Лекин улар Худога итоатсизлик қилиб, мукаммаллигидан маҳрум бўлишган. (Ибтидо 3:5, 6, 17–19) Кейинчалик улар авлодларига гуноҳ ва номукаммалликни мерос қилиб қолдиришган. (Римликларга 5:12) Бежизга Исроил шоҳи Довуд шундай демаган: «Мен гуноҳкор бўлиб туғилганман». (Забур 51:5)

Айрим гуноҳлар бошқаларидан жиддийроқми?

 Ҳа. Масалан, Муқаддас Китобда қадимги Садўм аҳолиси ёвуз бўлиб, гуноҳи «жуда ҳам оғир» деб ёзилган. (Ибтидо 13:13; 18:20) Гуноҳ қанчалик жиддий эканини аниқлашга ёрдам берувчи учта омилни кўриб чиқинг.

  1.   Гуноҳнинг жиддийлиги. Муқаддас Китобда шу каби жиддий гуноҳлардан қочинглар, деб огоҳлантирилган: зинокорлик, бутпарастлик, ўғрилик, ичкиликбозлик, талончилик, қотиллик ва сеҳр-жоду билан шуғулланиш. (1 Коринфликларга 6:9–11; Ваҳий 21:8) Муқаддас Китобда бу каби гуноҳлар ва ўйламай, бехосдан қилинган гуноҳлар, масалан, сўз ва ишлар билан бошқаларни ранжитиш ўртасида фарқ борлиги кўрсатилган. (Ҳикматлар 12:18; Эфесликларга 4:31, 32) Лекин Муқаддас Китоб бизни ҳеч бир гуноҳнинг аҳамиятини пасайтирмасликка чорламоқда. Чунки гуноҳлар Худонинг қонунларини қўпол тарзда бузишга олиб келиши мумкин. (Матто 5:27, 28)

  2.   Ният. Баъзи одамлар Худонинг меъёрларини билишмагани учун гуноҳ қилишади. (Ҳаворийлар 17:30; 1 Тимўтийга 1:13) Муқаддас Китоб бундай гуноҳларни оқламайди. Лекин унда бу гуноҳлар Худонинг қонунларини била туриб бузишдан фарқ қилиши кўрсатилган. (Саҳрода 15:30, 31) Била туриб қилинган гуноҳлар «ёвуз юракдан» келиб чиқади. (Еремиё 16:12)

  3.   Гуноҳнинг такрорланиши. Муқаддас Китобда бир марта қилинган ва узоқ вақт давомида такрорланган гуноҳлар ўртасидаги фарқ кўрсатилган. (1 Юҳанно 3:4–8) Нима тўғри эканини била туриб, атайлаб гуноҳ қиладиганлар Худонинг қаҳрига учрайди. (Ибронийларга 10:26, 27)

 Жиддий гуноҳ содир этган инсонлар виждон азобидан қийналиши мумкин. Масалан шоҳ Довуд шундай деб ёзган: «Хатоларим бошимдан ошиб ётибди. Улар мен учун кўтариб бўлмайдиган оғир юк кабидир». (Забур 38:4) Лекин Муқаддас Китобда шундай умидбахш сўзлар бор: «Ёвуз киши ўз йўлидан, ёмон киши ўз фикридан қайтсин. Унга раҳм-шафқат кўрсатадиган Яҳовага юз бурсин. Аллоҳимизга қайтсин, зеро уни сидқидил кечиради». (Ишаё 55:7)