Асосий материалларга ўтиш

Нажот топиш нима дегани?

Нажот топиш нима дегани?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китоб ёзувчилари «қутқарилиш» ва «қутулиш» сўзларини хавф-хатардан халос бўлиш ёки нажот топиш маъноларида қўллашган. (Чиқиш 14:13, 14; Ҳаворийлар 27:20) Кўпинча бу сўзлар гуноҳдан халос бўлиш маъносида қўлланилади. (Матто 1:21) Ўлим гуноҳ дастидан пайдо бўлгани боис, гуноҳдан халос бўлган инсонлар абадий яшаш умидига эга бўлишади. (Юҳанно 3:16, 17) a

Қай йўсин нажот топиш мумкин?

 Нажот топиш учун Исо пайғамбарга ишонишимиз ва бу ишончни унинг амрларига бўйсуниш орқали намоён этишимиз лозим. (Ҳаворийлар 4:10, 12; Римликларга 10:9, 10; Ибронийларга 5:9)

 Муқаддас Китобдан шуни билиб оляпмизки, имонимиз тирик эканини ишларимиз ва итоаткорлигимиз билан кўрсатишимиз керак. (Ёқуб 2:24, 26) Аммо бу нажотга ўз кучимиз билан эриша олишимизни англатмайди. Чунки нажот бизга «иноят асосида» берилган «Худонинг туҳфасидир». (Эфесликларга 2:8, 9)

Нажот топган киши ундан маҳрум бўлиши мумкинми?

 Ҳа. Чўкаётган инсон қутқариб олинса-да, у яна сувга тушиб кетиши ёки сакраши мумкин бўлганидай, гуноҳдан халос этилган инсон ҳам имонни намоён этишда давом этмаса, нажотдан маҳрум бўлиши мумкин. Шу сабабли, Муқаддас Китоб нажот топган масиҳийларни «имон учун зўр бериб курашишга» ундамоқда. (Яҳудо 3) Қолаверса, халос этилганлар учун қуйидаги огоҳлантириш бор: «Қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эришишга урининглар». (Филиппиликларга 2:12)

Нажоткор ким — Худоми ёки Исоми?

 Муқаддас Китобдан нажотнинг асосий манбаи Худо эканини кўриш мумкин. Унга нисбатан кўп маротаба «Нажоткор», «Халоскор» ва «Қутқарувчи» каби унвонлар қўлланилган. (1 Шоҳлар 10:19; Ишаё 43:11; Титусга 2:10; Яҳудо 25) Бундан ташқари, қадимда Исроил халқини қутқариш учун Худо турли одамлардан фойдаланган ва улар ҳам Муқаддас Китобда «нажоткорлар» деб аталган. (Нахимиё 9:27; Ҳакамлар 3:9, 15; 4 Шоҳлар 13:5) Муқаддас Китобда Исо ҳам «Нажоткор» деб аталган, чунки унинг тўлов қурбонлиги асосида Худо бизга гуноҳдан халос бўлиш имконини тақдим этяпти. (Ҳаворийлар 5:31; Титусга 1:4) b

Ҳамма нажот топадими?

 Йўқ, айрим одамлар нажот топмайди. (2 Салоникаликларга 1:9) Исо пайғамбардан: «Наҳотки нажот топадиганлар оз бўлса?» — деб сўрашганида, у шундай жавоб берган: «Тор эшикдан кириш учун жон куйдиринглар. Зеро кўплар ундан киришга интилишади-ю, лекин кира олишмайди». (Луқо 13:23, 24)

Ҳамма нажот топиши борасида нотўғри фикрлар

 Нотўғри фикр: Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 15:22 да: «Масиҳ туфайли ҳамма ҳаётга эга бўлади»,— дейилганига кўра, ҳамма нажот топади.

 Тўғри фикр: Ушбу оятнинг матн таркибида тирилиш ҳақида гап боради. (1 Коринфликларга 15:12, 13, 20, 21, 35) Демак, «Масиҳ туфайли ҳамма ҳаётга эга бўлади»,— дейилганда, тирилган барча инсонлар Исо Масиҳ орқали барака олиши назарда тутилган. (Юҳанно 11:25)

 Нотўғри фикр: Титусга 2:11 да: «Қутқарувчимиз Худонинг инояти бутун одамларга яққол ошкор бўлди»,— дейилган. Демак, ҳамма нажот топади. (Ўзбекистон Библия Жамияти)

 Тўғри фикр: Бу оятда «бутун» деб таржима қилинган юнонча сўз «ҳар турли ёки ҳар қандай» деган маъноларни ҳам англатиши мумкин c. Шундай экан, Титусга 2:11 даги сўзларни Худо ҳар турли, яъни «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган» инсонларга нажот беради деб тушуниш тўғрироқ бўлади. (Ваҳий 7:9, 10)

 Нотўғри фикр: Бутруснинг иккинчи мактуби 3:9 да Худо ҳақида: «У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди»,— дейилганига кўра, ҳамма нажот топади.

 Тўғри фикр: Худо одамлар нажот топишини истайди, аммо У қутқариш учун кўрган чораларини қабул қилишга ҳеч кимни мажбурламайди. Аллоҳ «ҳукм кунида» «худосиз инсонларни ҳалок қилади». (2 Бутрус 3:7)

a Муқаддас Китобда баъзи одамларга қарата: «Қутқарилгансизлар»,— деб айтилган. Аммо аслида улар гуноҳ ва ўлимдан келажакда тўла маънода халос бўлишади. (Эфесликларга 2:5; Римликларга 13:11)

b «Исо» деган исм ибронийча Яҳошуа исмидан келиб чиққан бўлиб, «Яҳова — нажот» деган маънога эга.

c Худди шу юнонча сўз Матто 5:11 да ҳам қўлланилган. Бу оятда Исо одамлар унинг издошларига «ҳар қандай» ярамас сўзларни айтиши ҳақида ёзилган. («Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»)