Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бурч ҳисси худди лангар сингари бўронли пайтларда никоҳингизни мустаҳкам сақлайди

ЖУФТЛИКЛАР УЧУН

1. Бурч

1. Бурч

НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Бир-бирининг олдидаги бурчини тушунган турмуш ўртоқлар никоҳга доимий риштадек қарашади ва бу ўзларини хавфсиз ҳис қилишларига ҳисса қўшади. Уларнинг ҳар бири ҳатто қийин вазиятларда ҳам турмуш ўртоғи никоҳни сақлаб қолишга интилишини билади.

Баъзи жуфтликлар одамларнинг ёки оиласининг босими туфайлигина бирга яшайди. Лекин бундай бурч ҳисси ўзаро севги ва ҳурматга асосланса яхшироқ бўлади.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Эр... хотинини ташлаб кетмасин». (1 Коринфликларга 7:11)

«Агар турмуш ўртоғингиз олдидаги бурчингизни тушунсангиз, тезда хафа бўлиб қолмайсиз. Кечиришга ва кечирим сўрашга тайёр бўласиз. Муаммоларга ажрашиш учун баҳонадай эмас, балки енгиб ўтиш керак бўлган тўсиқдай қарайсиз». (Майк)

НЕГА БУ МУҲИМ?

Муаммоларга дуч келганда, бир-бирининг олдидаги бурчни ҳис қилмаган турмуш ўртоқлар осонгина «Бир-биримизга мос келмадик» деб хулоса чиқариши ва никоҳни бекор қилиш йўлларини излай бошлаши мумкин.

«Кўпчилик турмуш қураётганда “қўшимча вариантни”, яъни ажрашиш мумкинлигини ўйлаб қўяди. Мана шундай ўй-хаёлда турмуш қурганлар бошиданоқ никоҳдаги бурчини ҳис қилмайди». (Жейн)

НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?

ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ

Баҳс авжига чиққанда...

  • Бу инсон билан турмуш қурганингиздан афсусланасизми?

  • Ёнингизда бошқа одам бўлишини орзу қиласизми?

  • «Кетаман» ёки «қадримга етадиган одамни топаман», каби гапларни айтасизми?

Агар бу саволларнинг биттасига бўлса ҳам «ҳа» деб жавоб берган бўлсангиз, демак, бурч ҳиссини кучайтиришнинг айни пайти.

ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗ БИЛАН МУҲОКАМА ҚИЛИНГ

  • Никоҳимизда бурч ҳисси сусайиб боряптими? Шундай бўлса, сабаби нимада?

  • Бурч ҳиссини кучайтириш учун қандай қадамлар қўйишимиз мумкин?

МАСЛАҲАТЛАР

  • Турмуш ўртоғингизга севги изҳорларини ёзиб туринг

  • Иш жойингизда унинг суратларини кўринадиган жойга қўйиб, бурчингиз ёдингизда эканини намоён этинг

  • Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, ишдами ёки бошқа жойдами ҳар куни турмуш ўртоғингизга қўнғироқ қилинг

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин». (Матто 19:6)