Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Мулоқот кўприкка ўхшайди, у фарзандингиз билан алоқани йўқотмасликка ёрдам беради

ОТА-ОНАЛАР УЧУН

5. Мулоқот

5. Мулоқот

НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Икки томонлама фикр алмашишни ва туйғуларни бемалол изҳор қилишни очиқ мулоқот деса бўлади.

НЕГА БУ МУҲИМ?

Айниқса ўсмир ёшида болалар билан мулоқот қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Эҳтимол, яқиндагина фарзандларингиз қалб эшигини сизга бемалол очишарди. Бироқ энди ташқарида туриб, эшик очилишини кутишингизга тўғри келяпти. Баъзан эса қанча тақиллатишингизга қарамай, эшик очилмаяпти. Шундай туюлса-да, ўсмирлик чоғи фарзандларингиз мулоқотга айни муҳтож бўлган пайтдир.

НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?

Фарзандингизнинг эҳтиёжларига мослашинг. Ҳатто ярим кечада суҳбатлашишга тўғри келса ҳам, шундай йўл тутинг.

«Эҳтимол, болангизга: “Куни билан ёнингда эдим-ку! Энди гаплашгинг келиб қолдими?!”,— дегингиз келар. Бироқ фарзандларимиз бизга ичидагини айтмоқчи бўлиб турганида норозилик билдириш тўғри бўлармиди?! Ахир ҳар бир ота-она айнан шуни истайди-ку!» (Лиза)

«Мен вақтлироқ ухлагани ётишни яхши кўраман. Аммо ўсмир фарзандларим билан қурган энг зўр суҳбатларимиз ярим кечаси бўлган». (Герберт)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин». (1 Коринфликларга 10:24)

Чалғимасдан тингланг. Бир ота шундай бўлишди: «Баъзан фарзандларим гапираётганида хаёлим бошқа жойда эканини сезиб қоламан. Улар ҳам буни пайқашади, шундайлигини ўзлари айтишади».

Агар сизда ҳам вазият шундай бўлса, телевизор ва бошқа электрон ускуналарингизни ўчириб қўйинг. Болангиз нима деяётганини диққат билан тингланг ва унинг муаммоси арзимасдай туюлса ҳам, у бутун эътиборингизга лойиқ эканини кўрсатинг.

«Фарзандларимизни уларнинг туйғулари биз учун муҳим эканига ишонтиришимиз керак. Акс ҳолда, улар ўз қобиғига ўралиб олишади ёки ёрдамни бошқа жойдан излашади». (Маранда)

«Болангиз нотўғри фикрлаётган бўлса ҳам, асабийлашиб кетманг». (Энтони)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Қандай тинглаётганингизга диққат қилинглар». (Луқо 8:18)

Қулай муҳит яратинг. Баъзан болалар ота-онаси билан юзма-юз ўтирмаганида ичидагини айтишга мойил бўлишади.

«Биз машинада кетаётганимизда фурсатдан фойдаланамиз. Юзма-юз эмас, ёнма-ён ўтирганимизда кўпинча мазмунли суҳбатлар қура оламиз». (Николь)

Овқатланиш пайти эркин суҳбат қуриш учун яна бир қулай фурсат.

«Кечки таом устида ҳар биримиз кун давомида юз берган яхши-ёмон воқеаларни айтиб берамиз. Бу бизни бирлаштиради ва муаммоларга дуч келаётиб ёлғиз эмаслигимизни ҳис этамиз». (Робин)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... эса шошилмасин». (Ёқуб 1:19)