Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳовага энг яхшисини беришдан қувонч топинг

Яҳовага энг яхшисини беришдан қувонч топинг

Ҳар ким ўз ишини текширсин. ГАЛАТ. 6:4

37- ҚЎШИҚ Яҳовага жон-жаҳд-ла хизмат қилайлик

БУ МАҚОЛАДА a

1. Қай йўсин ҳақиқий қувончни ҳис қилишимиз мумкин?

 ЯҲОВА бахтли бўлишимизни истайди. Севинч муқаддас руҳ самарасининг бир қирраси бўлганидан буни билишимиз мумкин. (Галат. 5:22) Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта бўлганидек, хизматда астойдил меҳнат қилиш ва имондошларимизга турли йўллар орқали ёрдам бериш бизга ҳақиқий қувонч келтиради. (Ҳавор. 20:35)

2, 3. а) Қайси иккита омил Яҳованинг хизматида қувончни сақлаб қолишимизга ёрдам беради? (Галатияликларга 6:4) б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Галатияликларга 6:4 да (ўқинг) ҳаворий Павлус қувончни сақлаб қолишимизга ёрдам берадиган иккита омил ҳақида айтган. Биринчиси, Яҳовага ўзимизда бор энг яхшисини беришимиз керак. Ўзимизда бор энг яхшисини Яҳовага берсак, қувонч ҳис қиламиз. (Мат. 22:36–38) Иккинчиси, ўзимизни бошқалар билан солиштиришдан қочишимиз даркор. Соғлиғимиз, билим даражамиз ёки қобилиятларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, Яҳовадан миннатдор бўлишимиз керак. Чунки буларнинг барини У бизга ҳадя этган. Бошқа томондан, имондошларимиз хизматнинг баъзи турларида муваффақиятлироқ бўлса, хурсанд бўлишимиз керак. Чунки улар қобилиятларидан ўз хоҳиш-истакларини қондириш эмас, балки Яҳовага шараф келтириш учун фойдаланяпти. Шунга, ўзимизни бошқалар билан солиштирмайлик. Аксинча, улардан ўрнак олишга интилайлик.

3 Бу мақолада имкониятларимиз чегаралангани туфайли ўзимиз хоҳлагандай хизмат қила олмаганимизда, бизга нима ёрдам беришини кўриб чиқамиз. Шунингдек, инъомларимиздан қай йўсин фойдаланишимиз ва бошқаларнинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ ЧЕГАРАЛАНГАНИДА

Бутун ҳаётимиз давомида қўлимиздан келган энг яхшисини қилсак, Яҳовани қувонтирамиз (4–6- хатбошиларига қаранг.) b

4. Нима туфайли тушкунликка тушишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

4 Баъзи масиҳийлар ёши ўтгани ва заиф соғлиги туфайли хизматда ўзлари истагандай қила олмайди. Бу уларни тушкунликка туширади. Кэрол исмли опамизда ҳам шундай бўлган. У эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилган. Ўшанда бу опамиз 35 та Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган ҳамда айримларга ўзини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишга ёрдам берган. Ҳа, Кэрол опамиз хизматда кўп муваффақиятга эришган. Аммо кейин соғлиги заифлашган ва кўпинча уйда қолишига тўғри келган. У қуйидагича айтиб берди: «Касаллигим туфайли бошқалар каби кўп қила олмаслигимни тушунаман. Лекин ўзимни улар каби кучли имонни намоён этмаётгандай ҳис қиламан. Мен хизматда ўзим хоҳлагандай қила олмайман. Бундан тушкунликка тушаман». Бу опамиз Яҳова учун энг яхшисини беришни истайди ва бу мақтовга сазовор. Ҳамдард Худойимиз унинг ҳаракатларини қадрлашига аминмиз.

5. а) Имкониятларимиз чегаралангани туфайли тушкунликка тушсак, нимани эсда сақлашимиз керак? б) Қай йўсин расмдаги биродар Яҳованинг хизматида энг яхшисини беришда давом этяпти?

5 Агар имкониятларингиз чегаралангани туфайли тушкунликка тушсангиз, ўзингиздан шундай сўранг: «Яҳова мендан нима кутяпти?» Яҳова сизда бор бўлган энг яхшисини беришингизни кутяпти. Бир вазиятни тасаввур қилайлик. Опамиз 80 ёшда. У 40 ёшда бўлганида хизматда фаол қатнашган. Опамиз олдингидай хизмат қила олмаётгани учун тушкунликка тушяпти. Унинг фикрича, ҳозир ҳам энг яхшисини беришга ҳаракат қилса-да, Яҳова бундан мамнун эмас. Лекин бу ростдан ҳам шундайми? Бир ўйлаб кўринг, опамиз 40 ёшида энг яхшисини берган бўлса, 80 ёшида ҳам бундай қилишга ҳаракат қиляпти. Демак, у энг яхшисини беришдан ҳеч қачон тўхтамаган. Биз ҳам Яҳовани мамнун қилиш учун етарлича хизмат қилмаяпман деб ўйлаётган бўлсак, шуни унутмайликки, Яҳова ҳаракатларимизнинг қанчаси Уни мамнун қилишини Ўзи белгилайди. Яҳовага энг яхшисини беришга ҳаракат қилсак, У бизни: «Баракалла!» — деб мақтайди. (Матто 25:20–23 ни солиштиринг.)

6. Мария опамиздан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

6 Эътиборимизни қила олмайдиган эмас, қила оладиган нарсаларга қаратсак, қувонч топиш осонроқ бўлади. Мария исмли опамизнинг вазиятини кўриб чиқайлик. Касаллиги туфайли у хоҳлагандай кўп хизмат қила олмайди. Бошида у тушкунликка тушган ва ўзини кераксиздай ҳис қилган. Аммо кейинчалик у жамоатидаги тўшакка михланган бир опа ҳақида ўйлай бошлаган ва унга ёрдам беришга қарор қилган. Мария шундай айтиб берди: «Опамиз билан телефон ва хат ёзиш орқали хизмат қилишга келишиб олдик. Ҳар сафар ҳамкорлик қилиб, уйга қайтганимда унга ёрдам бера олганим учун қувонч ва мамнуният ҳис қилардим». Биз ҳам эътиборимизни қила олмайдиган эмас, қила оладиган нарсаларга қаратсак, қувонч ҳис қилишимиз мумкин. Агар қўлимиздан кўпроқ қилиш келса ёки хизматнинг муайян турида муваффақиятлироқ бўлсак-чи?

ИНЪОМГА ЭГА БЎЛСАНГИЗ, УНДАН ФОЙДАЛАНИНГ

7. Ҳаворий Бутрус масиҳийларга қандай амалий маслаҳат берган?

7 Ҳаворий Бутрус биринчи мактубида имондошларини инъомлари ва қобилиятларидан фойдаланиб, бошқаларни мустаҳкамлашга ундаган. Бутрус шундай деб ёзган: «Тангрининг турли йўллар билан кўрсатилган иноятининг ибратли бошқарувчилари сифатида, ҳар бирингиз Ундан олган инъомингизга яраша бир-бирингизга хизмат қилинг». (1 Бутр. 4:10) Инъомларимизга яраша йўл тутиш, яъни қобилиятларимиздан тўлиқ фойдаланиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Бу туфайли бошқалар тушкунликка тушади ёки ҳасад қилади, деб ўйламаслигимиз лозим. Агар қобилиятларимиздан тўлиқ фойдаланмасак, Яҳовага энг яхшисини бермаган бўламиз.

8. Нега инъомларимиз билан мақтанишдан қочишимиз керак? (1 Коринфликларга 4:6, 7)

8 Инъомларимиздан тўлалигича фойдаланишимиз керак. Аммо улар билан мақтанишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. (1 Коринфликларга 4:6, 7 ни ўқинг.) Айтайлик, Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашда муваффақиятлисиз. Бу инъомингиздан фойдаланишингиз керак. Лекин инъомдан фойдаланиш ва у билан мақтаниш ўртасида фарқ бор. Тасаввур қилайлик, хизматда сиз билан ажойиб воқеа юз берди. Муқаддас Китоб тадқиқини бошладингиз ва бу ҳақда хизмат гуруҳингизга айтиб бермоқчисиз. Гуруҳингиз билан учрашганда, бир опа хизматда журнал бера олгани ҳақида айтиб берди. У журнал бера олди, сиз Муқаддас Китоб тадқиқини бошладингиз. Энди нима қиласиз? Бу воқеа гуруҳга далда беришини билсангиз-да, уни бошқа пайт айтиб беришга қарор қиларсиз. Чунки опамизнинг қувончини сусайтиришни асло истамайсиз. Энг асосийси, Муқаддас Китоб тадқиқларини таклиф қилишдан тўхтаманг. Инъомингиз бор бўлса, ундан фойдаланинг!

9. Инъомларимиздан қандай фойдаланишимиз керак?

9 Қандай қобилиятларга эга бўлмайлик, бари Худонинг инъомидир. Бу инъомлардан ўзимизни кўз-кўз қилиш учун фойдаланмаслигимиз керак. Аксинча, улар ёрдамида имондошларимизни мустаҳкамлашимиз даркор. (Филип. 2:3) Кучимиз ҳамда қобилиятларимиздан ўзимизни кўрсатиш ёки бошқалардан устунроқ эканимизни исботлаш эмас, балки Худонинг иродасини бажариш учун фойдалансак қувонамиз. Чунки инъомларимиз билан Яҳовага шараф келтирамиз.

10. Нега ўзимизни бошқалар билан солиштириш нодонлик?

10 Агар инсон эҳтиёт бўлмаса, кучли томонларини бошқаларнинг кучсиз томонлари билан солиштириш тузоғига тушиши мумкин. Масалан, биродар зўр оммавий нутқлар сўзлайди. Бу унинг кучли томони. Эҳтимол, у унчалик яхши нутқ айтмайдиган бошқа биродарга паст назар билан қарайди. Лекин ўша биродар яхши нутқ айта олмаса-да, меҳмондўстлик, фарзандларини тарбиялаш ва хизматда ғайрат кўрсатишда яхши ўрнакдир. Яҳовага хизмат қилишда ва бошқаларга ёрдам беришда инъомларидан фойдаланаётган қобилиятли биродару опа-сингилларимиз борлиги нақадар ажойиб.

БОШҚАЛАРДАН ЎРНАК ОЛИНГ

11. Нега Исонинг ўрнагига тақлид қилишга интилишимиз лозим?

11 Ўзимизни бошқалар билан солиштирмасак-да, Яҳованинг садоқатли хизматчиларидан ўрнак олишимиз мумкин. Исо Масиҳ биз учун энг аъло ўрнак. Албатта, мукаммал бўлмасак ҳам, унинг гўзал фазилатларию ажойиб ишларидан ўрганишимиз мумкин. (1 Бутр. 2:21) Унинг ўрнагига эргашиш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилсак, Яҳованинг хизматчиси сифатида яхшиланиб, хизматда янада муваффақиятли бўламиз.

12, 13. Шоҳ Довуддан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

12 Муқаддас Китобда номукаммаллигига қарамай садоқатли бўлган кўпгина эркагу аёллар ҳақида айтилган. Улардан сабоқ олишимиз мумкин. (Иброн. 6:12) Масалан, шоҳ Довудни олайлик. Яҳова уни «кўнглимга ёқадиган одам», деб айтган. (Ҳавор. 13:22) Лекин Довуд номукаммал бўлган ва баъзи жиддий хатоларга қўл урган. Бунга қарамай, ундан ўрнак олсак бўлади. Нега? Чунки унга маслаҳат берилганда, у ўзини оқлашга ҳаракат қилмаган. Аксинча, уни қабул қилиб, қилмиши учун чин дилдан кечирим сўраган. Натижада Яҳова уни кечирган. (Заб. 51:3, 4, 10–12)

13 Ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Маслаҳатни қандай қабул қиламан? Хатоларимни тан оламанми ёки ўзимни оқлашга ҳаракат қиламанми? Ё бўлмаса, дарров бошқаларни айблайманми? Хатоларимни қайтармасликка ҳаракат қиламанми?» Муқаддас Китобдаги бошқа садоқатли эркагу аёллар ҳақида ўқиганингизда, шу каби саволларни ўзингизга берсангиз бўлади. Улар ҳам сиз каби қийинчиликларга дуч келганми? Ушбу вазиятда қандай фазилатларни намоён этишган? Ҳар сафар Муқаддас Китобни ўқиганингизда, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Яҳованинг бу хизматчисига қандай тақлид қила оламан?»

14. Имондошларимизни кузатиб қандай фойда олишимиз мумкин?

14 Қолаверса, ёш ва кекса имондошларимизни кузатиб фойда олишимиз мумкин. Масалан, жамоатингиздаги қийинчиликларда садоқатли қолаётган имондошингиз ҳақида ўйларсиз. Балки у тенгдошларининг босими, оила аъзоларининг қаршилиги ёки заиф соғлиги билан курашаётгандир. Бу имондошингизда сиз янада кўпроқ ривожлантиришни истаган фазилатни кўряпсизми? Биродару опа-сингилларнинг мисоли қийинчиликларимизда бардошли қолишга ёрдам бериши мумкин. Тақлид қилишимиз мумкин бўлган садоқатли имондошларимизнинг ўрнаги борлигидан жуда миннатдормиз. Бу қувонишимиз учун сабаб бўла олади. (Иброн. 13:7; Ёқб. 1:2, 3)

ЯҲОВАГА ҚУВОНЧ БИЛАН ХИЗМАТ ҚИЛИНГ

15. Ҳаворий Павлус хизматимизни қувонч ила давом эттиришимизга кўмаклашадиган қандай маслаҳат берган?

15 Жамоатда тинчлик ва бирлик бўлиши учун ҳар биримиз ўзимизда бор энг яхшисини беришимиз керак. Келинг, биринчи асрдаги масиҳийларга диққат қаратайлик. Уларнинг ҳар бири турли инъом ва қобилиятларга эга бўлган. (1 Кор. 12:4, 7–11) Лекин бу уларнинг орасида рақобат ёки бўлинишлар бўлишига сабаб бўлмаган. Павлус уларга Масиҳнинг танасини барпо этиш учун нима қилиш кераклигини айтган. У эфесликларга шундай деб ёзган: «Ҳар бир аъзо... бир-бири билан ҳамкорлик қилади. Шу тариқа, бутун тана аъзолари севгида мустаҳкамланиш учун биргаликда ўсиб боради». (Эфес. 4:1–3, 11, 12, 16) Улар Павлуснинг маслаҳатига амал қилиб, тинчлик ва бирликка ҳисса қўшган. Бугун ҳам жамоатларда буни кузатишимиз мумкин.

16. Қандай йўл тутиш қароримиз қатъий бўлиши керак? (Ибронийларга 6:10)

16 Ўзингизни бошқалар билан солиштиришдан эҳтиёт бўлинг. Аксинча, Исодан ўрганиб, унинг фазилатларига тақлид қилишга урининг. Муқаддас Китобда тилга олинган инсонларнинг мисолидан ва ҳозирги кунда мустаҳкам имонга эга бўлган имондошларимиздан фойда олинг. Энг яхшисини қилишда давом этар экансиз, Яҳова «адолатсиз эмас... меҳнатингизни унутмайди», деган сўзларга ишонинг. (Ибронийларга 6:10 ни ўқинг.) Яҳовага тинмай қувонч ила хизмат қилинг. Зеро, Уни мамнун қилиш учун чин юракдан қилаётган барча уринишларингизни У жуда қадрлайди.

65- ҚЎШИҚ Олға бос!

a Барчамиз Яҳовага сидқидилдан хизмат қилаётган масиҳийлардан ўрнак олишимиз мумкин. Лекин ўзимизни бошқалар билан солиштиришдан қочишимиз керак. Бу мақола қувончни сақлашимизга ва ўзимизни бошқалар билан солиштириб мағрурланишдан ёки тушкунликка тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишга ёрдам беради.

b РАСМГА ШАРҲ. Биродар ёшлигида Байтилда хизмат қилган. Кейинчалик, у уйланган ва хотини билан бирга кашшофлик қилган. Фарзандлари туғилганидан кейин уларга хизмат қилишни ўргатган. Ҳозир у кекса бўлишига қарамай, хат ёзиш орқали ваъз қилиб ўзида бор энг яхшисини беришда давом этяпти.