Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Мен ўлишни истамасдим!

Мен ўлишни истамасдим!
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1964

  • МАМЛАКАТИ: АНГЛИЯ

  • ЎТМИШДА: ИСЁНЧИ ЎСМИР ОНА

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ

Мен Паддингтонда, Лондоннинг аҳоли зич яшайдиган қисмида туғилганман. Мен онам ва учта опам билан бирга яшардим. Отам пиёниста бўлгани учун бир пайдо бўлар, бир ғойиб бўларди.

Ҳали болалигимда онам ётиб ухлашдан олдин ҳар тун ибодат қилишни менга ўргатган эди. Менинг кичкина Муқаддас Китобим бўларди ва унда фақат Забур китоби бор эди. Ундаги саноларга қўшиқ яратиб, уларни куйлардим. Битта китобда ёзилган сўзларни ўқиганимда, улар миямда қаттиқ ўрнашиб қолди: «Куни келиб эртанги кун келмайди». Ўша сўзлар менга тинчлик бермади ва мен туни билан келажак ҳақида ўйлаб чиқдим. «Ҳаётнинг мазмуни бўлиши керак,— деб ўйлардим мен. — Нега дунёга келганман?» Мен ўлишни истамасдим!

Оккультизмга қизиқадиган бўлиб қолдим. Ўлганлар билан гаплашишга ҳаракат қилардим, мактабдаги ўртоқларим билан қабристонларга борардим ва улар билан бирга даҳшатли фильмлар томоша қилардим. Буларнинг бари биз учун ҳам қизиқарли, ҳам қўрқинчли эди.

Ўн ёшлигимда ёмон йўлга кириб қолдим. Сигарет чекадиган бўлдим ва кашандага айландим. Кейин наша чекишга ўтдим. Ўн бир ёшимда спиртли ичимликни татиб кўрдим. Таъми ёқмаган бўлса ҳам, таъсири ёқарди. Мен мусиқани ва рақсга тушишни яхши кўрардим. Имкон туғилиши билан ўтиришларга ва тунги клубларга борардим. Тунлари уйдан қочиб чиқардим ва тонготар пайти қайтардим. Уйқуга тўймаганим учун эртасига мактабдаги дарсларни қолдирардим. Мактабга борган тақдирда ҳам танаффусларда ичкилик ичардим.

Мактабни жуда паст баҳолар билан тугатдим. Буни эшитиб, ёмон йўлга кириб қолганимдан умуман бехабар онамнинг ҳафсаласи пир бўлди ва жаҳли чиқди. Биз жанжаллашдик ва мен уйдан чиқиб кетдим. Қайсидир вақт йигитим Тониникида яшадим. У растафарлар (растаманлар) ҳаракати вакили бўлиб, майда жиноятлар содир этар, гиёҳванд моддалар сотар ва ниҳоятда зўравон деган ном чиқарган эди. Кўп ўтмай мен ҳомиладор бўлдим ва 16 ёшимда ўғлимизни туғдим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

Илк бор Яҳованинг Шоҳидлари билан боласи бор эрсиз оналар учун мўлжалланган умумий ётоқхонада яшаб юрганимда танишганман. Маҳаллий ҳокимият у ердан менга бир хона ажратиб берган эди. Иккита аёл Шоҳид бошқа ёш оналарнинг олдига мунтазам келиб турарди. Кунларнинг бирида мен уларнинг суҳбатига қўшилдим. Мен уларга Шоҳидлар адашаётганини исботлаб бермоқчи эдим. Ўша аёллар менинг кўпгина саволларимга Муқаддас Китобдан фойдаланиб хотиржамлик билан ва аниқ жавоб беришди. Улар шунчалик меҳрибон ва мулойим эдики, менга ёқиб қолишди. Шунда мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишларига рози бўлдим.

Кўп ўтмай Муқаддас Китобдан ҳаётимни ўзгартирган нарсаларни билиб олдим. Болалигимдан ўлимдан қўрқардим. Мана энди Исо тирилиш ҳақида ўргатганини билиб олдим! (Юҳанно 5:28, 29) Шунингдек, Худо шахсан менга ғамхўрлик қилишини ҳам тушундим. (1 Бутрус 5:7) Айниқса Еремиё 29:11 даги сўзлар менга қаттиқ таъсир қилди. У ерда шундай дейилган: «“Сизлар ҳақингизда қилган ниятларимни Ўзим яхши биламан,— демоқда Яҳова. — Мусибат эмас, тинчлик келтириш ниятидаман, сизларга порлоқ келажак ва умид бахш этаман». (Еремиё 29:11) Менда ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умиди пайдо бўлди. (Забур 37:29)

Яҳованинг Шоҳидлари менга самимий севгини намоён этишди. Илк бор уларнинг йиғилишига борганимда, у ерда илиқ ва дўстона муҳит ҳукм сурарди, ҳамма жуда меҳрибон эди! (Юҳанно 13:34, 35) Бу маҳаллий черковга борганимда менга қандай муомала қилишганидан катта фарқ қиларди. Шароитимга қарамай, Шоҳидлар менга яхши муомала қилишарди. Улар вақт ва эътиборини мендан аяшмасди ва амалий ёрдам кўрсатишарди. Мен ўзимни катта ва меҳрибон бир оиланинг аъзосидек ҳис қилардим.

Муқаддас Китобни тадқиқ қилгач, Худонинг юқори ахлоқий меъёрларига мос келиш учун ҳаётимда ўзгаришлар қилишим кераклигини тушундим. Роса қийналган бўлсам ҳам, сигарет чекишни ташладим. Шу билан бирга, баъзи турдаги мусиқалар наша чекиш истагимни кучайтиришини англаб етдим ва уларни тингламай қўйдим. Мен ҳушёр туришни истардим, шунга маст бўлгунча ичиш васвасасига берилмаслик учун ўтиришларга ва тунги клубларга боришни бас қилдим. Шунингдек, менга ижобий таъсир кўрсатадиган ва юқори ахлоқий меъёрларга амал қилишимга ёрдам берадиган янги дўстларни қидира бошладим. (Ҳикматлар 13:20)

Бу орада Тони ҳам Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади. Шоҳидлар Муқаддас Китоб ёрдамида унинг саволларига жавоб беришганида, у ўрганаётганлари ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилди. Тони ҳаётини тубдан ўзгартирди: собиқ зўравон жўралари билан алоқани узди, майда жиноятлар содир этишни тўхтатди ва наша чекишни ташлади. Яҳовани тўлиқ мамнун қилиш мақсадида, иккаламиз ҳам ахлоқсиз ҳаёт тарзимизни ўзгартирдик ва ўғлимиз учун соғлом муҳит яратиш ниятида 1982 йили никоҳимизни расмийлаштирдик.

«Энди тунлари келажак ва ўлим ҳақидаги қўрқувлар мени безовта қилмаяпти»

Ҳаётимда ўзгаришлар қилишни истаб «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» * журналларидан мен каби вазиятда бўла туриб ҳаёт тарзини ўзгартирган инсонларнинг таржимаи ҳолларини излаганимни эслайман. Бундай ҳикоялар менга роса далда берарди! Улар мени таслим бўлмай курашни давом эттиришга ундарди. Мени ташлаб қўймасин деб Яҳовага илтижолар қилардим. 1982 йили Тони ва мен Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдик.

ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ?

Тангри Яҳова билан дўстликни ривожлантириш ҳаётимни қутқариб қолди. Қийин пайтларда Тони ва мен Худонинг мададини ҳис қилдик. Мушкул дамларда биз Унга таянишни ўргандик ва У оиламизга ҳамиша ёрдам берганини ва қўллаб-қувватлаганини ҳис этардик. (Забур 55:22)

Ўғлимиз ва қизимизга Яҳовани таниб-билишга кўмаклаша олганимиздан мамнунман. Ҳозир уларнинг фарзандлари ҳам Худони таниб-билиб улғаяётганини кўришдан бахтлиман.

Энди тунлари келажак ва ўлим ҳақидаги қўрқувлар мени безовта қилмаяпти. Биз Тони билан ҳар ҳафта Яҳова Шоҳидларининг жамоатларига ташриф буюриб имондошларимизга далда бериш билан бандмиз. Бошқалар ҳам абадий яшай олиши учун, имондошлар билан бирга одамларга Исога эътиқод қилишга ёрдам бериб келяпмиз.

^ Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилади